https://bugun.uz/2022/05/20/ozbek-olimlariga-usmonli-impyeriyasining-arxivlaridan-foydalanishga-ruxsat-byerildi/

Ўзбек олимларига Усмонли империясининг архивларидан фойдаланишга рухсат берилди

Ўзбекситонлик тадқиқотчиларга Усмонли империясининг тарихий архивларидан фойдаланишга рухсат берилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, Туркия Туркий тиллар тарихи ва маданияти «Turktav» жамғармаси «ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлигининг янги босқичи: туризм ва маданий мерос» халқаро форуми доирасида ўзбекистонлик тадқиқотчиларга Усмонли империясининг тарихий архивларга кириш имкониятини тақдим этди. Эндиликда ўзбек олимлари Ўзбекистон тарихига оид бир қатор ҳужжатларни тиклашлари мумкин бўлади.

Хабар қилинишича, айни вақтга қадар фонд томонидан 55 минг электрон қўлёзма ҳужжатлар рақамлаштирилган. Шунингдек, 20 май куни бўлиб ўтадиган «ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлигининг янги босқичи: туризм ва маданий мерос» форуми доирасида «Turktav» жамғармаси томонидан Ўзбекистон тарихига оид қўлёзмаларнинг асл нусхалари «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос университетининг кутубхонасига топширилади.

Аввалроқ Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти туризм форуми бўлиб ўтиши хабар берилганди. Тадбир Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида ташкил этилган.