http://cisc.uz/habar-Ma-rifiy-tadbir-477
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацяси марказининг 2023-йилнинг I ярмига мўлжалланган иш режасига мувофиқ, жорий йилнинг 6-7 апрель кунлари Тошкентда жойлашган “Ҳазрати Имом” мажмуаси майдонида “Китоб – камолот калити” II халқаро китоблар кўргазмаси ва ярмаркаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада маҳаллий ва чет эл нашриётларидан ташқари туркий халқлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича “TÜRKTAV” жамғармаси Туркистон тарихи ва маданиятига оид нодир фотосуратлар кўргазмаси ва бир нечта илмий-маърифий китоблар тўплами билан қатнашди.
Фотосуратларда XIX аср охири – XX аср бошлари Хива, Бухоро ва Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари, маҳаллий аҳолининг қиёфалари акс этади. Кадрларда хонликлар давридаги ижтимой ва маданий ҳаёт турли хил ракурсларда гавдаланади. Тасвирлар Усмонли султонларининг Усмонли давлати архивларида сақланаётган ҳужжатларнинг рақамли нусхалари ҳисобланиб, улардан 20 га яқин нусхаси жамғарма томонидан Ислом Цивилизацияси маркази фондига тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, “TÜRKTAV” жамғармаси Ислом Цивилизацияси маркази билан 2022 йилдан буён яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида 2022 йилнинг июнь ойида жамғарма билан Марказ ўртасида Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” деб номланган фотокўргазма ўтказилди. Шунингдек, “TÜRKTAV” жамғармаси томонидан марказ кутубхона фондига шу вақтга қадар 200 мингга яқин ноёб китоб ва қўлёзмаларнинг электрон нусҳаси топширилди.